Интернетда шахсий маълумотларнинг тарқалишини назорат қилувчи LeakedSource.com сайти тармоқда Рамблер почта сервисининг 98 миллион 200 минг нафар фойдаланувчисига тегишли логин ва пароллардан иборат шахсий маълумотлар аниқлангани ҳақида хабар берди. Сервисга 2012 йилнинг февралида бузиб кирилган, дея тахмин қилинмоқда, лекин маълумотлар энди ошкор қилинган.

"Рамблер"да бузиб кириш ҳақида билишларини айтишган. "Бу ерда ҳеч қандай муаммо йўқ: бу база 2014 йилда аниқланганди, уни таҳлил қилингандан сўнг биз 4 миллион фаол фойдаланувчини аниқладик - уларнинг барчасининг пароллари ўзгартирилди", - дея маълум қилди Hi-Tech "Вести"га Rambler & Co вакили Софья Иванова.

Бу жорий аккаунтларга янги пароллардан ҳеч бири тушмайди, дегани эмас - одамлар мажбурий ўзгартиришдан кейин кўпинча эски паролларини қайтарадилар ёки энг оддий вариантларни қўллайдилар (масалан, 12345678). Rambler & Co ходимларининг таъкидлашича, пароллар анчадан бери шифрланган кўринишда сақланади. Бундан ташқари, фойдаланувчиларга икки омилли авторизацияни қўллаш тавсия қилинади - бунда қўшимча ҳимоя учун паролни киритишдан ташқари SMS-кодни ҳам киритиш керак бўлади.