"Матч ТВ" телеканали Рио-де-Жанейродаги Паралимпия ўйинларини трансляция қилмайди. Бу ҳақда телеканал матбуот хизмати хабар берган.

"Матч ТВ" ҳамиша Паралимпиячилар томонида. Субхолдинг Риодаги Паралимпия ўйинларини ёритиш мажбуриятини олмаган. Шу туфайли фақатгина янгиликлар дастуридаги маълумотлар билан кифояланамиз", дейилган хабарда.

Унинг ўрнига телеканалда Паралимпиададан четлатилган россиялик паралимпиячилар учун Подмосковьеда ташкил қилинган алоҳида турнир ёритиб борилади.

Халқаро Паралимпия қўмитаси Россия паралимпия қўмитасини допинг можаролари фонида 2016 йилги Паралимпиададан четлатганди. ХПК 175 нафар россиялик паралимпиячига турнирда иштирок этишга рухсат бермаган.

Бунга асосий сабаб сифатида Халқаро антидопинг агентлиги (WADA)нинг мустақил комиссияси раҳбари Ричард Макларен томонидан спортдаги допинг ҳақида тақдим қилинган ҳисоботи кўрсатилди.