Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Бу ҳақида ЎзА ахборот агентлиги маълум қилди. 

Тадбир иштирокчилари Президентимиз портрети пойига гуллар қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Ў.Мирзаёров ва бошқалар истиқлолимиз асосчиси Ислом Каримов томонидан мамлакатимиз тараққиёти, юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилган ишлар мангуликка муҳрланиб қолишини таъкидлади. 

Президентимиз раҳнамолигида мустақилликнинг биринчи кунларидан  оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётида тутган ролини ошириш, соҳа фаолиятининг ҳуқуқий ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, журналист касбининг нуфузини кучайтириш, ижодий ва техник ходимларнинг меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантиришга қаратилган сиёсат изчиллик билан амалга оширилди.

Ислом Каримов журналистларимизнинг ҳаётга чуқур кириб бориши,  тараққиётимиз йўлида тўсиқ бўлиб турган муаммоларни дадил кўтариб чиқиш, мавзуга холисона ва ҳаққоний ёндашиш каби мезонлар матбуотимизнинг ўзгармас қоидаси ва принципи бўлиб қолиши даркорлигини уқтирарди.