Дунёнинг кўпгина давлатларида тақиқланган ИШИД гуруҳи шунчаки Ислом дини билан ниқобланмоқда, аслида уларнинг муқаддас Ислом дини билан яхши таниш бўлган аъзолари сони 5 фоизни ташкил этади. Бу ҳақда, Санкт-Петербург ва Россия шимоли-ғарбий минтақаси мусулмонлари диний бошқармаси раиси муфтий Равиль Панчеев маълум қилган.

"ИШИД жангариларининг атиги 5 фоизи Ислом дини асосларидан хабардор", - деган Панчеев. 

"Сўнгги вақтларда, биз мусулмонлар ўзимизни оқлаш, динимизни ҳимоя қилиш ва террорчилар муқаддас динимизни ниқоб қилаётганини, ҳатто дин асосларини билмасликларини таъкидлашимизга тўғри келаяпти" – дея қайд этган муфтий. 

6-сентябрда Санкт-Петербургда иш бошлайдиган Халқаро конфессиялараро диний анжуман, айнан Ислом ва террорчиларнинг ўзаро боғлиқ эмаслигини янада кенг оммага тушунтиришни мақсад қилган. 

Ўзларини оломон орасида портлатиб юбораётган террорчиларнинг ҳақиқий исломга алоқаси йўқлигини исботлаш ҳам унчалик мушкул вазифа эмас. 

"Агар шаҳидликни орзу қилган киши ўз жонига қасд қилса, ўзини портлатиш ҳам шу жумладан, у диндан чиқади ва шунга кўра, жаннатга кира олмайди", -деган муфтий Панчеев.