Ўта арзон Ford Ka моделидан жуда қиммат Ferrari LaFerrari Aperta автомобилигача. Ҳа, Париж автокўргазмаси айнан автомобиль мухлислари учун ҳақиқий байрам бўлиши кутилаяпти. 

Бир неча ҳафтадан сўнг, Франция пойтахтида Халқаро Париж автосалони ўз ишини бошлайди. Бу кўргазма Франкфурт автосалони билан алмашиб, ҳар икки йилда бир марта ташкил этилади. Иккала автошоу ҳам автомобиль оламида Европа автосаноатининг тараққиётини намойиш этувчи йирик ҳодиса ҳисобланади. Бироқ, Франциядаги томошага ташриф буюрувчилар сони одатдагидек кўпчиликни ташкил этади. Икки йил муқаддам, Париж автокўргазмасига келганлар сони 1,25 млн кишига яқинлашган. Бу эса, барча халқаро моторшоулардаги мутлақ рекорддир. Қуйида, Парижда намойиш этилиши кутилаётган ёрқин тақдимот маросимлари хусусида тўхталамиз. 

BMW X2

BMW эгаллаган бурчакда энг қизиқарлиси ҳар ҳолда купе шаклидаги X2 кроссовери намойиши бўлса эҳтимол. Айтиш жоизки, ҳаммаси X5 моделидан бошланган эди. Баварияликлар ушбу автомобиль кузовини кескин ўзгартиришди. Кейинчалик, худди шу услубда X3дан X4 ишлаб чиқилди. Шундан бери немислар ўзларини тўхтата олмаяпти. Ушбу йўналишдаги энг кичик кроссовер X1 ишлаб чиқилди. Унинг негизида X2 кроссовери пайдо бўлди. Умуман, BMW олд ғилдираклари етакчи машиналар йўналишида янги натижаларни қўлга киритишда давом этмоқда. 

Skoda Kodiaq

Чехиянинг автомобилсозлик компанияси, айтиш мумкинки, янги модели Kodiaq атрофидаги шов-шувларни сунъий равишда кучайтириш воситасида кроссоверлар ишлаб чиқариш йўналишига кириб келди. Дастлаб, чехлар автомобилнинг турли қисмларига оид суратларни эълон қилишди, сўнгра ниқобланган прототип намойиш этилди. Аниқ маълумот бўлмагани сабаб ҳамма ўз тахминини илгари сурди. Бироқ, Париждаги тақдимот маросимидан аввалроқ, унинг сирлиги қолмади: Kodiаq ўлчамларига кўра, Honda CR-V ва Mazda CX-5 кроссоверларига мос келади. 

Audi Q5

Ўрта ўлчамли кроссовер Audi Q5 шундоғам дунё бўйлаб донғи кетган автомобиллардан бири. Уни ишлаб чиқариш бошланган 2008 йилдан бери бу моделдан 1,6 млн дона сотилган. Энди унинг иккинчи авлодига навбат келди. У, фольксвагеннинг MLB модели платформасида барпо этилади. Янги машина қурилмаларнинг ихчам жойлашуви ҳамда пишиқ пўлатлардан фойдаланилгани туфайли 100кгга енгиллашган. Айни шу машинада Audi компанияси муҳандисларининг Porsche фирмасидаги ҳамкасблари билан биргаликда ишлаб чиққан V6 ва V8 моторлари синаб кўрилади. Янги авлод Audi Q5нинг аввалгисидан том маънодаги фарқи унинг лазерли чироқларида бўлиши шубҳасиз. 

KIA Rio

Тўртинчи авлод Rio хэтчбеки KIA компаниясининг Париждаги юлдузи бўлади. Автомобилнинг габарит ўлчамлари: ғилдираклар базаси 10 ммга (2580 мм), узунлиги 1,5 смга (4065 мм), эни — 5 мм (1725 мм)гача кенгайтирилган. Аммо, баландлик борасида бундай деб бўлмайди. У 5 ммга паканалашиб, 1450 ммни ташкил этган. Янги машинанинг асосий жиҳатларидан бири— унинг глобал дизайнида. KIA-Hyundai компанияларининг германиялик, кореялик ва калифорниялик дизайнер-стилистлари ҳар бир минтақанинг қизиқишларини умумлаштиришга муваффақ бўлган. 

Citroen C3

Эҳтимол 2002 йилдан бери Citroen C3ни харид қилган 3,6 млндан ортиқ мижозларга учинчи авлод хетчбэк қандай кўринишга эга бўлганини билиш жуда қизиқ бўлса керак. Қисқагина қилиб айтганда, у “кактуслашган”. Аниқроқ изоҳлайдиган бўлсак, C4 Cactus модели каби учинчи машина ҳам кўп жиҳатидан уни такрорлайди. 

Ferrari LaFerrari Aperta

Aperta итальянчадан таржима қилганда "очиқ" маъносини билдиради. Шунга кўра, оддий италиялик учун LaFerrari родстерининг бундай номланиши унчалик қизиқ туюлмаслиги аниқ. Бироқ, хорижликлар учун "Примавера" ёки "Коза ностра" каби қандайдир сирли эшитилади. LaFerrari 780 от кучига эга V12 мотори билан жиҳозланади. Шу билан бирга, унга ёрдамчи сифатида 120 кВтлик электрмотор ўрнатилади. Шу билан гибрид родстер 960 от кучига эга суперкарга айланади. Бундай қуруқликдаги "самолёт"нинг бор кучи билан ҳаракатлангандаги тезлигини тасаввур қилиш мушкул, бироқ муҳандислар ҳайдовчи хавфсизлиги борасида қайғуриб, машинанинг энг юқори тезлигини 350 км/с билан чеклашга қарор қилишган.

Honda Civic

Ўзларининг турли ихтиролари билан дунёни лол қолдирувчи Япониянинг Honda компанияси вакиллари Парижда ўнинчи авлод Civic хэтчбекини намойиш этади. Янги моделнинг аоссий устунлиги унинг капоти остида жойлаштирилган: янги 1,5 литрлик турбомотор 174 ёки 180 от кучи билан таъминлайди. Бироқ, унинг тўпламлари ичида ўзини яхши намойиш эта олган эски 100 от кучига эга мотор ҳам бўлади. 

Hyundai i10

Жанубий Кореянинг Hyundai автогигантининг энг кичик — i10 хэтчбеки янгиланган кўринишида унинг олд ва орқа бамперлари ўзгарган, янги ён молдинглар, диодли ёритқичлар ва орқа чироқларга эга бўлган. Унга шунингдек, янги кўринишдаги 14-дюймли ғилдирак дисклари ўрнатилади. Hyundai i10 мультимедиа тизими ҳам янгиланган. У 7 дюймли сенсор экран, навигатор ҳамда Apple CarPlay ва Android Auto интеграция функциясига эга бўлган. Бундан ташқари, митти хэтчбек олд тўқнашувдан огоҳлантириш ва ҳаракат қаторини кузатиш тизимига эга. Hyundai i10нинг куч агрегати ўзгаришсиз қолдирилган. Хэтчбек 1,0 ёки 1,25 литрли бензинли двигатель ёрдамида ҳаракатга келтирилади. Уларнинг кучи 66 — 87 от кучини ташкил этади. Кучсизроқ моторга беш босқичли механик узатмалар қутиси, кучлироғига 4 босқичли «автомат» узатмалар қутиси ҳамкорлик қилади.

Infiniti QX50

Парижда намойиш этиладиган Infiniti QX50 кроссовери қатор инновацион ечимларга эга бўлган QX Sport концептининг серияли туркуми бўлади. Хусусан, орқани кўрсатувчи видеокамералар ҳамда тобора оммалашиб бораётган лазерли ёритқич чироқлар шулар жумласидан. Пекинда кўрсатилган Sport русумли модели, айтиш мумкинки, шунчаки намойиш учун яратилган эди. Шу боисдан ҳам, унинг техник тафсилотлари сирлигича қолди. Бироқ, японларнинг ўзлари QX Sport моделини бренднинг янги дизайнерлик сиёсати намунаси сифатида баҳолашган. Шундай қилиб, агар QX50 концепти ишлаб чиқариладиган бўлса, у автомобиль бозорида Audi Q5 ва BMW X3 каби машҳур моделлар билан рақобат қилишига тўғри келади.

Ford Ka

Ниҳоят, Ford Ка хусусида. Париж автокўргазмасида намойиш этиладиган машиналар орасида Америка компаниясининг Бразилиядаги шўъба корхонаси томонидан ишлаб чиқилган ва жуда арзон бўлиши айтилаётган ихчамгина Ка модели кўпчиликнинг эътиборини тортиши шубҳасиз. Ka, Fiesta платформасида барпо этилган бўлиб, бутловчи қисмларининг ўхшашлигини таъкидлаш жоиз. Двигателлари ва узатмалар қутиси борасида ҳам шундай дейиш мумкин. Бугунги кунда Европа бозорида сотилаётган Ka модели янгисидан умуман фарқ қилади, у Fiat 500 платформаси негизида ишлаб чиқилган. Бразилиядан келтирилган ва глобал миқёсда сотиладиган Ка сезиларли арзон бўлиши баробарида ҳажми каттароқ бўлади. 2016 йил апрелидан бошлаб Ford компанияси итальянлар билан ҳамкорликка барҳам бергани боис, Европада айнан глобал Ka сотилади.