Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов хотираси ҳар биримизнинг қалбимизда мангу яшайди.  Бутун халқимиз Президентимиз вафотидан чуқур қайғуда. Риодаги Олимпия ўйинлари ғолиби, оғир атлетика бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони Руслан Нуриддинов ҳам шулар жумласидандир. Спортчи ЎзА мухбирига берган интервьюсида бу борада ўзиининг кечинмалари билан бўлишди. 

– Юртбошимиз Ислом Каримовдек халқпарвар, болажон, ёшларни «Менинг фарзандларим!» деб бағрига босиб, чексиз меҳр-муҳаббатини намоён этадиган раҳбар кам бўлса керак.

Мен мамлакатимиз мустақиллиги эълон қилинган 1991 йили туғилганман. Мустақил давлатимиз билан бирга ўсдим, улғайдим. Мана шу ўтган йигирма беш йилда мен ва мен каби барча тенгдошларим Президентимизнинг улкан меҳри ва ғамхўрлиги оғушида вояга етдик. Нимани ният қилсак, қалбимизда қандай эзгу мақсад бўлса, барчасига эришаяпмиз. Бу мамлакатимизда замонавий таълим олишимиз, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишимиз, ўз иқтидор ва салоҳиятимизни намоён этишимиз учун яратилган кенг имкониятлар натижасидир.


Бразилияда бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритиб, Олимпиада рекордини янгиладим. Юртбошимиз бу ютуғимни юксак баҳолаб, 2016 йил 24 августдаги фармони билан мени «Эл-юрт ҳурмати» орденига муносиб кўрди.

Шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилар эканман, Президентимиз ишончини оқладим, юзим ёруғ бўлди, энди Ислом бобомиз билан кўришганда, мусобақада дунёнинг манаман деган давлат вакиллари билан беллашдим, менинг ғалаба қозонишимда Сизнинг «Маррани баланд олинг, азиз фарзандларим! Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмас ва ҳеч қачон кам бўлмайди» деган даъватингиз катта куч берди дейман, дуосини оламан, деб ният қилгандим. Афсуски, армон бўлиб қолди...

Юртбошимизнинг бу даъватлари юрагимиздан ҳеч қачон ўчмайди ва бизни янада юксак ғалабалар сари илҳомлантираверади. Президентимиз хотираси қалбимизда абадий яшайди.