Сальвадор терма жамоаси футболчилари ўзларига ЖЧ-2018 саралаши доирасида Канада терма жамоасига қарши ўйинда дуранг ёки кичик ҳисобдаги мағлубиятга рози бўлиш учун пора таклиф этилганини айтиб беришди.

Ўйиндан олдин ўтказилган матбуот-анжуманида Сальвадор терма жамоаси сардори Нельсон Бонилья айтдики, футболчилар билан ўтган ҳафта охирида алоқага чиқишган. Исбот сифатида мураббийлар штаби бу таклифни берган шахснинг овози ёзилган аудиони барчага эшиттиришган. Унда натижага қараб ҳар бир футболчига 900 доллардан 2700 долларгача пул тўланиши айтилган. 

«Биз буни барчага ошкор этишга қарор қилдик – биз бундай ишларга қаршимиз. Биз миллий терма жамоа билан боғлиқ барча иш шаффоф бўлишини истаймиз», – деган Бонилья.

Сальвадордаги газеталардан бири тадбиркор Рикардо Падильюни бу иш ташкилотчиси сифатида баҳолаган. У ўйинни "топшириш" учун футболчиларга пул таклиф қилишнинг ёмон жойи йўқлигини айтиб ўтган.

Маълумот учун, Сальвадор терма жамоаси гуруҳдан чиқиш имкониятини йўқотиб бўлган. Канада гуруҳдан чиқиши учун Сальвадорни мағлуб этиши шарт ҳисобланади.

Манба — Tribuna.uz