Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Наиф Ал Сауднинг баёнот қилишича, Эрон ҳукумати ҳаж атрофидаги вазиятга сиёсий тус бермоқда ва Ислом Республикаси фуқаролари ҳаж зиёратига боришини истамаяпти. Бу ҳақда «ТАСС» агентлиги хабар берган.

«Эрон ҳукумати - зиёратчилар ҳажга боришини истамаётган томон», — деган у.

Валиаҳд расмий Теҳрон Макка ва Мадина шаҳарларидаги муқаддас жойларга зиёрат қилишни сиёсийлаштиришга уринаётганини таъкидлади.

«Қироллик бошқа зиёратчиларга яратилаётган шароитлар эронликларга ҳам тақдим этилмоқда. Ҳаж мавсуми арафасида Эрон ҳаж миссияси ўз фуқаролари учун бошқа мамлакатлар риоя қиладиган стандартлардан фарқ қилувчи алоҳида шароитларни талаб қилди», — дея изоҳ берган Муҳаммад бин Наиф.

Мамлакат ИИВ раҳбари ҳисобланадиган бу шаҳзода «қиролликда зиёратчиларга яратилган шароитлар ҳақида гапириб, ҳар бир мусулмон ҳажни хавфсиз шароитларда амалга ошириб, соғ-омон ҳолда ўз юртига қайтиши имкониятлари муҳайё қилингани»ни таъкидлаган.

Бундан аввалроқ Эрон етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманеий муқаддас зиёратгоҳларни бошқариш тизимини қайта кўриб чиқишга чақирган ва қиролликни ҳаж зиёратини ташкиллаштириш борасида кескин танқид қилган эди. У «ҳаж давомида ҳеч ким хавфсиз эмаслиги»га эътибор қаратган.

Хоманеий ўтган йили Мина водийсида  800 кишининг ўлимига сабаб бўлган фожиани эслатиб ўтди. Ўшанда қурбон бўлганларнинг 464 нафари эронлик эди. Норасмий маълумотларга кўра, тиқилинч туфайли рўй берган фожиа оқибатида қурбон бўлганлар сони 1000 нафардан ортиқ бўлганди.

«Бу Саудия Арабистони ҳукумати айби билан юз берганди. Кўпчилик кузатувчилар ва таҳлилчилар шундай фикр билдиришди. Улардан баъзилари бу иш режалаштирилганини айтишган», дея қўшимча қилган Эрон диний раҳнамоси.