Саудия Арабистонида подшоҳ Абдулазиз шарафига уюштириладиган Қуръон мусобақасида 76 давлатдан 112 иштирокчи қатнашади.

Қуръон ҳифзи ва тиловати бўйича маҳаллий ва халқаро мусобақаларни ташкил қилиш бош котиби Масжидул ҳаромда бўлиб ўтадиган «Подшоҳ Абдулазиз халқаро Қуръон мусобақаси»да иштирок этадиган қорилар рўйхатини эълон қилди.

Унга кўра, 76 давлатдан 112 иштирокчи 38-Халқаро Қуръон мусобақасида қатнашади. Мусобақа муҳаррам ойида бўлиб ўтади ва унда иштирокчилар Қуръон тиловати ва тафсири йўналишида ўз билимларини синашади.

Иштирокчилар қуйидаги бўлимларга бўлинган ҳолда иштирок этади:
1-гуруҳда 13 иштирокчи;
2-гуруҳда 49 иштирокчи;
3-гуруҳда 34 иштирокчи;
4-гуруҳда 16 иштирокчи.

Шу муносабат билан Исломий ишлар, ваъз ва иршод бош вазири шайх Солиҳ ибн Абдулазиз бу мусобақанинг ўсиб келаётган ёш авлод учун аҳамиятини баён қилиб, шундай деди: «Бу мусобақа ёш ўғил-қизларнинг мафкура борасида тойиб кетишининг олдини олади, ёмон ғоялардан узоқлаштиради ва яхшилик сари етаклайди. Зеро, Қуръон нурдир. Бу мусобақанинг бошқа Қуръон мусобақалардан афзаллик томони унинг Масжудул ҳаромда ўтказилишидир. Иштирокчилар мусобақа билан бир қаторда умра қилиш имкониятига ҳам эга бўладилар. Бундан ташқари, Масжидун набавий ва бошқа муқаддас маконларни зиёрат қилади».

Мусобақа қуйидаги шартларни ўз ичига олган:
-  Биринчи марта иштирок этаётган бўлиши;
-  Иштирокчи 25 ёшдан ўтмаган бўлиши;
-  Ўз юртида машҳур қори ёки тажвид устаси бўлмаслиги;
-  Мусобақанинг фақат битта йўналиши бўйича иштирок этиши.