Volkswagen автомобилсозлик компанияси 2017 йилдан дизель двигателли машиналарининг АҚШда сотилишини тўхтатади. Бу ҳақда немис компаниясининг Шимолий Америкадаги бўлими раҳбари Хинрих Вебкенга иқтибос келтирган ҳолда  Car and Driver нашри хабар бермоқда.  

"Бренд дизель машиналарининг салоҳияти АҚШда тугади. Биз бундай двигателли автомобилларимиз янада оммавийлашишини прогноз қилмаймиз", деб айтди Вебкен. У, шунингдек, дизелли моделлардан воз кечиш фақатгина Volkswagen маркасидаги моделларга тегишли бўлиши ва концернинг қолган брендлари ва "дизель машина ҳали ҳам катта аҳамият касб этадиган" давлатларга тааллуқли эмаслигини айтди.

АҚШда Volkswagen’нинг 6 та дизелли модели сотиларди: Jetta, Golf, Golf Sportwagen, Passat, Beetle ва Touareg. "Дизель можароси" авж олмасдан олдин бу машиналар ҳисобига компаниянинг АҚШдаги савдосининг 20 фоизи тўғри келарди.