Бугун, 7-сентябрь куни Apple компанияси янги iPhone 7 телефонини расман таништиради. Тақдимот маросими Тошкент вақти билан 22:00да Калифорниянинг Сан-Франциско шаҳрида бўлиб ўтади, дея хабар қилмоқда СНН телеканали. 

Янги тишланган «олма» гаджетининг тақдимотига 300 киши таклифнома олган бўлса, Apple компаниясининг бошқа мухлислари бу маросимни интернет тармоғида кузатишлари мумкин бўлади. Унда, тахминларга кўра, iPhone 7дан ташқари MacBook Pro 2016 ноутбугининг янги авлоди ва Apple Watch 2 “ақлли”соати ҳам намойиш этилади. 

Янги смартфон, суратларда кўринганидек, уч хил тусда: олтин, кулранг ва пушти рангда ҳамда уч хил қийматда: арзон, қиммат ва эксклюзив намунада ишлаб чиқилади. 

Интернет тармоғида пайдо бўлган маълумотларга биноан, iPhone 7 экрани диагоналига 4,7 дюймни, ўлчами — 1334х750 пикселни ташкил этади. Гаджетнинг оператив хотираси 2 Гб бўлиб, Apple A10 процессори ҳисоблаш ишларини бажаради. Унинг камераси 12 мегапикселли бўлиб, сенсори 1/2.6 дюймлидир. Бу эса, iPhone 7 эгасига ёруғлик етарли бўлмаган тақдирда ҳам ажойиб суратлар олиш имконини беради. Янги қўл телефони аккумуляторининг қуввати 1960 миллиампер-соатни ташкил этади. 

Интернетда мавжуд суратларга кўра, EarPods гарнитураси iPhone 7да Lightning улагичи воситасида қулоқчинга уланади. Бу эса, ҳар қандай қулоқчинлардан махсус ўтказгич бўлмаса фойдаланиш имконини бермайди. 

Дастлабки тахминларга кўра, Apple янги маҳсулоти нархи 795дан 1,3 минг АҚШ долларигача боради. Бироқ, унинг аниқ баҳоси тақдимот вақтида эълон қилинади.