Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларига бутун дунёдан минглаб мусулмонлар ҳаж амалини адо этиш учун келишмоқда. Бу йилги ҳаж зиёрати 9-14 сентябрь кунлари давомида бўлиб ўтади.

Saudi Press Agency маълумотига кўра, 5 сентябрь кунигача мамлакатга 1,2 миллионга яқин зиёратчи етиб келганди. Бу миқдор 3,7 миллионгача етиши айтилган. 

Саудия Арабистони раҳбарияти Ҳаж зиёрати чоғида фавқулодда вазиятларга йўл қўймаслик ва уларнинг олдини олиш бўйича тегишли хизматларнинг режасини тасдиқлади. Ўтган йилги аччиқ тажрибадан сўнг (2015 йилги ҳаж мавсуми вақтида тиқилинч оқибатида 2 мингга яқин киши ҳалок бўлганди) мамлакат ҳукумати зиёрат хавфсизлигини максимал даражада таъминлашга қарор қилган. Ҳажда хавфсизликни таъминлашга 17 минг киши жалб этилган.

Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг ҳаж сафари август ойида бошланган, 24 август–4 сентябрь кунлари ўзбекистонлик 5200 нафар зиёратчини «Ўзбекистон ҳаво йўллари» чартер рейсларида Тошкент–Мадина, Бухоро–Мадина, Самарқанд–Мадина, Қарши–Мадина, Наманган–Мадина ва Урганч–Мадина йўналишларида ҳаж сафарига жўнатиш ташкил этилган.

Зиёратчилар учун меҳмонхона, тиббий марказ, ошхоналарни тайёрлаш ва зарур ташкилий ишларни амалга ошириш учун 10 нафар ишчи гуруҳи аъзолари Саудия Арабистонига сафарбар этилган. Ўзбекистонлик зиёратчилар учун Мадина шаҳрида «Масжид ан-Набавий»дан 150 метр масофада жойлашган «Жавҳарат ар-Рошид», Макка шаҳрида эса «Масжиди Ҳарам»дан 5000 метр масофадаги тўрт юлдузли «Аброж ал-Ҳидоя» меҳмонхонаси ижарага олинган.