Россиянинг "Газпром" компанияси Туркия ҳукуматидан "Турк оқими" газ қувурини жорий йилда бошлаш учун илк рухсатни олди. 
 
"Газпром" бошқарув раиси Алексей Миллер ва Туркия энергетика ва табиий захиралар вазири Барат Албайрак ўртасидаги музокаралар натижаларига кўра лойиҳани бошлаш учун барча тайёргарчилик жараёнларини тезроқ якунлаш бўйича келишувга эришилди.

"Рухсатлар берилиши "Газпром" учун ижобий янгиликдир. Туркия томонининг бу қадами турк ҳукуматининг "Турк оқими" лойиҳасига қизиқишини акс эттиради ва унинг амалий бажарилишига ўтишни англатади", деб айтди Миллер. 
Аввалроқ Россия энергетика вазири Александр Новак "Турк оқими"нинг биринчи қувури 2019 йил охиригача қуриб битказилишини маълум қилганди.