МДҲ давлатлари полиция бошқармалари трансчегаравий жиноятчиликка қарши кураш бўйича биргаликдаги чора-тадбирлар давлатлараро дастурини ишлаб чиқишади. Бундай топшириқ 6 сентябрда Санкт-Петербургда бўлиб ўтган, МДҲ давлатлари ички ишлар вазирлари кенгаши якунларига кўра МДҲда уюшган жиноятчилик ва жиноятчиликнинг хавфли турларига қарши курашишни мувофиқлаштириш бюроси томонидан берилди.

Россия ички ишлар вазирлиги матбуот марказининг маълум қилишича, кенгашда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Озарбайжон,  Арманистон ички ишлар вазирлари ҳамда МДҲнинг ижрочи котиби Сергей Лебедев ва МДҲ давлатларининг мутассади раҳбарлари иштирок этдилар.
Дастур 2019-2023 йилларга мўлжалланади.
Кенгашда, жумладан, ўғриланган транспорт воситаларини излаш ва қайтариш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш қарори қабул қилинди. 

Гиёҳванд моддалар ноқонуний бозорида синтетик гиёҳванд моддалар улушининг кўпайиши сабабли унинг қайта шаклланиши ва бундай гиёҳванд моддалар миқдорининг кескин ортиши билан боғлиқ ҳолда бу соҳада фаолият юритувчи ҳуқуқ-тартибот муассасалари ўзаро ҳаракатларининг янги алгоритми ишлаб чиқилди.

"Бундан ташқари, экстремистик характердаги хавфларга ички ишлар идораларининг жавоб бериши, МДҲ фуқароларининг Яқин Шарқ минтақасида қуролли можароларда иштирок этаётган ноқонуний тузилмаларга жалб қилинишига қарши кураш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди", дейилмоқда хабарда.