Тошкент шаҳридаги Инҳа университети профессор ёрдамчиси Сарвар Нишонбоев Буюк Британиядаги университетнинг магистратурасида таълим олиш имконини берадиган Chevening стипендиясини ютиб олди. Бу ҳақида IUT расмий сайтида маълум қилинди.

Сарвар Нишонбоев Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида дастурлаш бўйича профессор ёрдамчиси бўлиб ишлайди. У бакалавр ва магистратура йўналишлари бўйича Тошкент ахборот технологиялари университетида таҳсил олган.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ўқитувчиси жорий йилда Буюк Британия ҳукуматининг Chevening дастури танловидан муваффақиятли ўтди ва дунёнинг қадимий университетларидан бирида таълим олиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Сарвар Нишонбоев шундай деди: “Мен Буюк Британияда таълим олишни орзу қилар эдим ва менинг орзуим амалга ошди. 2015-йилнинг ноябрь ойида Chevening дастурига ҳужжатларимни топширдим ва яқинда Chevening стипендиясини ютиб олганлигим тўғрисида хат олдим”.

“Дастур талабига кўра, таълим олиш учун учта Британия университетини танладим ва ҳужжатларимни топширдим. Эдинбург Университети ва Лидс Университетида ўқишга қабул қилиндим. Мен ўйлаб кўриб, Эдинбург Университетини танладим. Мазкур университет дунёнинг энг қадимий олий ўқув юртларидан биридир,” – деди у.
Нишонбоевнинг айтишича, Эдинбург Университетида у информатика (Computer Science) йўналиши бўйича магистратурада таълим олади. “Магистратурада таълим олиб бўлгач, мен билим олишни давом эттирмоқчиман ва докторлик (Ph.D) даражасини олиш истагим бор. Кейинчалик эса албатта ўз юртимда ўзбекистонлик ёшларга таълим бериш ниятим бор”, - деди у.