Футбол бўйича Украина терма жамоаси 2018 йилги жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда, турнир бойкот қилинмайди. Бу ҳақда Украина миллий терма жамоаси матбуот хизмати раҳбари Александр Гливинский маълум қилган.

Бундан олдинроқ Украина ҳукумати ва Украина футбол федерацияси саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган ҳолда йўлланмага эга чиқса, сиёсий сабаблар туфайли турнирдан кўнгилли равишда воз кечиш вариантини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берилганди.

"Ундай эмас, ҳозир бундай гапнинг ўрни эмас. Буни кимдир ўйлаб топган. Биз саралаш босқичида қатнашаяпмиз. Терма жамоа олдига саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиш вазифаси қўйилган. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Мен футбол федерациясида, терма жамоа лагерида бундай гапларни эшитмадим", дея унинг сўзларини келтирган РИА Новости.

Украина терма жамоаси саралаш босқичида I гуруҳида Исландия, Финландия, Косово, Хорватия ва Туркия билан бирга иштирок этмоқда. Биринчи турда украинлар исландлар билан дуранг ўйнади. Гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган терма жамоа мундиалга тўғридан-тўғри йўлланма олади. Иккинчи ўрин соҳиби эса плей-офф баҳсларида иштирок этади.

ЖЧ-2018 Россиянинг Москва, Калининград, Санкт-Петербург, Волгоград, Қозон, Қуйи Новгород, Самара, Саранск, Ростов-Дон, Сочи ва Екатеринбург шаҳарларида, 2018 йилнинг 14 июнидан 15 июлига қадар ўтказилиши белгиланган.

Манба: Tribuna.uz