Украинанинг авиасозлик корхонаси «Антонов» президенти Александр Коцюбанинг огоҳлантиришича, самолётларга сервис хизмати кўрсатиш битими бекор қилинса, Россиянинг Ан-124 самолётларининг хорижга парвозини тақиқлаб қўяди. 

«Укроборонпром» таркибига кирувчи «Антонов» авиасозлик корхонаси Россиядаги Ан-124-100 «Руслан» транспорт ҳаво кемалари эгалари, Украина ишлаб чиқарувчисининг сервис хизматидан бош тортадиган бўлса, «Антонов» бошқаруви мазкур ҳаво лайнерларининг хорижга парвозини тақиқлаб қўяди. 

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Ан-124-100 эгалари «Руслан» самолётларига техник жиҳатдан хизмат кўрсатишни уларни ишлаб чиқарган Украина компанияси эмас, балки «Ильюшин номидаги авиация мажмуаси» ОАЖ бажариши борасида «фаол уринишлар»ни олиб бораяпти. 

«Улар бу каби қоидаларни, қонунларни ўз мамлакатларида хоҳлаганча ўзгартириши, тузатиши мумкин. Аммо, масаланинг бошқа томони ҳам бор. Биз, ишлаб чиқарувчи сифатида мазкур самолётларнинг РФдан ташқарида парвозини тақиқлаб қўйишимиз мумкин», — деган Коцюба.