Американинг Оҳайо штатида барпо этилган 7 қаватли, сават шаклидаги бинонинг қиймати бир ярим йил ичида 7,5 миллион доллардан 5 миллион долларгача арзонлашганига қарамай харидор топилмади. 

Бинонинг шакли Longaberger компаниясининг саватини айнан такрорлайди. Мазкур компаниянинг бош қароргоҳи унинг ичида жошлайган эди. Бино қурилиши 1997 йилда якунланган бўлиб, бунинг учун Longaberger 32 миллион доллар атрофида маблағ сарфлаган. 

Кўчмас мулкни сотиш билан шуғулланувчи риэлторнинг айтишича, бино жуда мураккабдир. Шундай бўлса-да, бир неча харидордан қизиқиш билдирилган. Аммо, уларнинг ҳеч бири амалга ошмаган. 

Бинони сотишда энг катта муаммолардан бири иншоотнинг жуда йириклигида. Унга қизиққан компанияларнинг ҳеч бирида ходимлар сони кўп бўлмаган. Бундан ташқари, бино шаҳар четида жуда ноқулай ўринда жойлашган.

Келгусида бино қариялар уйи ёки колл-центрга айлантирилиши мумкин. Шу билан бирга, сават бинонинг тутқичлари демонтаж қилиниши ҳам эҳтимол. 

Ҳозирча, у штатнинг эътиборга молик жойларидан бири бўлиб қолмоқда. Сайёҳлар бу ерда суратга тушиш учун келиб турмоқда.