Сурияда мактабларни аъло баҳоларда тугатган ўқувчиларнинг Россиядаги олийгоҳларга бюджет асосида қабул қилиниши давом этади. Бу ҳақда Сурия президентининг рафиқаси Асма Асад юқори синфларнинг битирув кечасида маълум қилган.

Аълочилар орасида Сурия президентининг ўғли Ҳафиз Башар ал-Асад ҳам бор. У Малайзиядаги олимпиадада математика фанидан бронза медаль олган.

Журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Асад хоним 2005 йилда Сурия делегациясининг Москвага ташрифи вақтида Россиядаги истеъдодларни қўллаб-қувватлаш дастури билан танишгани ҳақида айтиб ўтган.

"Биз шундай ишлар билан шуғулланадиган марказда бўлгандик. Россиялик ҳамкорларимизга бу дастур учун миннатдорчилик билдирамиз", деган у.

Асма Асад суриялик битирувчилар Россияга йўл олиш орқали Сурияда фан ва билимга эътибор қай даражада эканини бутун дунёга кўрсатиб беришлари ҳақида қайд этиб ўтган.