Беларуслик спортчилар Рио-де-Жанейродаги 2016 йилги Паралимпия ўйинлари очилиш маросимида россиялик спортчиларнинг мусобақалардан четлатилишига бирдамлик сифатида Россия байроғини олиб ўтдилар. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Паралимпиада очилиш маросими "Маракана" стадионида бўлиб ўтди. Беларусь терма жамоаси байроқдори найза отувчи Александр Трипуц бўлди.

23 августда беларуслик паралимпиячилар россиялик спортчиларга уларнинг ўйинлардан четлатилишлари билан боғлиқ ҳолда қўллаб-қувватлов билдиргандилар. Беларусь Паралимпия қўмитаси раиси Олег Шепель ўйинлар очилиши маросимида ўзи билан Россия байроғини олиб чиқишга ваъда берганди. Бироқ Халқаро паралимпия қўмитаси беларусларга буни қилишни тақиқлаб қўйган.

Паралимпия ўйинларида 4300 дан кўпроқ спортчи иштирок этади. 7 августда Халқаро паралимпия қўмитаси (ХПҚ) Бутунжаҳон аксилдопинг агентлиги комиссияси ҳисоботига таяниб, Россия терма жамоасини тўлиқ таркибда ўйинлардан четлатишга қарор қилганди.

Россияликлар ўзларининг айбсизликларини исботлай олишмаган. Спорт ҳакамлик суди ва Швейцария федерал суди ХПҚ қарорини қайта кўриб чиқишдан бош тортган ва уни адолатли деб топган.