АҚШ президенти Барак Обама маъмурияти вақтида АҚШ томонидан қурол-аслаҳа сотиш бўйича тузилган битимлар қиймати 115 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилди ва охирги 71 йил ичидаги шундай келишувларнинг рекордини янгилади, деб хабар бермоқда Халқаро сиёсат маркази ҳисоботига иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги. 

2009 йил январидан АҚШ ва Ар-Риёд ўртасида турли қурол ва ҳарбий техника, жумладан, кичик калибрли қурол-аслаҳа, ўқ-дорилар, танклар, вертолётлар, ҳарбий кемалар. "ҳаво-ер" ракеталари етказиб бериш бўйича 42 та битим тузилган. Бундан ташқари, АҚШ техник қўллаб-қувватлаш ва саудиялик ҳарбийларни ўқитишни амалга оширади.

Ҳисобот муаллифи Уилльям Хартунгнинг айтишича, техниканинг катта қисми ҳали Саудия Арабистонига етказилмаган. Августнинг ўзидаёқ Обама маъмурияти Саудия Арабистонига 1,15 млрд долларлик қуролни сотишни маъқуллади.

Хартунгнинг фикрича, бундай битимлар АҚШга Саудия Арабистонига унинг Яман ихтилофидаги хатти-ҳаракатларига нисбатан таъсир кўрсатишига имкон беради. 

Ҳисобот АҚШ мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик агентлиги маълумотларига асосанланиб тузилган. Қурол-аслаҳа соҳасидаги битимлар бўйича таклифлар конгресс томонидан маъқулланиши талаб этилади. Агентликнинг таъкидлашича, АҚШ конгресси кўп таклифларни маъқуллайди, бироқ ҳисоботда улардан қанчаси якуний ҳисобда рад этилгани кўрсатилмаган. 

Ҳисоботнинг тўлиқ матнини 8 сентябрда чоп этиш белгиланган.