Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонга ташриф буюрган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) бош котиби Ияд бин Амин Маданийни қабул қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берган.

ТИВ раҳбари, меҳмонни кутиб олар экан, аввало, Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан билдирилган таъзия ва далда сўзлари учун ўз миннатдорчилигини билдирди.

Суҳбат чоғида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон раислигида бўлиб ўтадиган ИҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши (ТИVK)нинг 43-сессиясига тайёргарлик кўришнинг амалий масалалари муҳокама қилинди.

ТИVK мажлисини муваффақиятли ўтказилишидан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканлиги таъкидланди.

Учрашувда қайд этилганидек, Ўзбекистон томонидан таклиф қилинган «Таълим ва маърифат — тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» деб номланган раислик шиорининг долзарблиги ва аҳамиятлилиги сабабли 43-сессия ва унинг якунлари ИҲТ тарихида қолади.