Скриппс институтида  (The Scripps Research Institute) фаолият олиб борувчи америкалик тадқиқотчилар Оливье Жорж ва Жордано де Гульельмо алкоголизм билан курашишнинг янги қизиқарли усулини ўйлаб топишди. Уларнинг тадқиқотига кўра, мия нейронларининг зарарли одатларга масъул бир қисмини шунчаки "ўчириб қўйиш" мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, алкоголизм - бу мунтазам ёки вақти-вақти билан спиртли ичимликларни истеъмол қилиш. Спиртли ичимликлар истеъмоли унга қарамликни келтириб чиқаради ва бу одамларни (ҳаттоки ўзлари истамасалар ҳам) қайта-қайта ана шундай ичимликларни ичишга мажбур қилади.

Тадқиқот муаллифлари инсонни бундай салбий одатдан халос қилиш йўлини ўйлаб топишди. Каламушларда ўтказилган тажрибалар уларнинг усули ижобий натижа беришини исботлади. 

Оливье Жорж ва Жордано де Гульельмо инсон қанчалик кўп ичса, муайян нейронлар шунча тез ишлашини аниқлашди. Бу эса ҳар сафар спиртли ичимлик истеъмол қилганда "ёқиладиган" кетма-кетликни ҳосил қилади ва эндорфин ишлаб чиқаришга сабаб бўлади. Соддалаштирилган вариантда қуйидагича: "ичди - роҳат олди" рефлектор ёйига ўхшаш нимадир пайдо бўлади. 

Олимлар изланишлари давомида қандайдир йўл билан муайян нейронларга таъсир ўтказиш имкониятларини аниқлашга уриниб кўришди. Улар спиртли ичимликларга мойиллиги бўлган каламушларда тадқиқот ўтказишди. Биринчи навбатда тадқиқотчилар спиртли ичимликлар истеъмоли натижасида ҳосил бўлувчи фаол нейронлар учун маркер сифатида хизмат қилувчи махсус оқсилни ажратиб олишди. Кейинчалик бу оқсил асосида қарамлик механизми шаклланишида иштирок этувчи фақатгина 5 фоиз нейронларга таъсир ўтказиши керак бўлган дори воситаси яратилди. Бу дори воситаси ёрдамида спиртли ичимликларга мойиллиги бўлган каламушларга таъсир ўтказилди. Тажриба муваффақиятли якунланди. Доктор Оливье Жоржнинг айтишича, тажриба давомида каламушлар спиртли ичимликларка қарамлигини буткул унутишган.

Шуни таъкидлаш жоизки, кемирувчиларнинг миясига кимёвий бирикмалар орқали таъсир кўрсатилган бўлса-да, каламушлар оддий сув ичиш, овқатланишда давом этишган, спиртли ичимликларга эса қизиқмай қўйишган. 

Ҳозирги вақтда олимлар янги усулни приматларда, кейин эса одамларда синашни режалаштиришмоқда.