Bank of America Merrill Lynch (BAML, Bank of America бўлими) ўз мижозлари учун “матрица”нинг мавжудлиги эҳтимолини баҳоловчи таҳлилий маълумот берди. Молиявий ташкилот ходимларининг фикрича, инсониятнинг симуляцияда яшаётганлик эҳтимоли 20-50 фоизга баҳоланган. Бу ҳақида Business Insider маълум қилди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, олимлар, файласуфлар ва ишбилармонлар бугунги кунда инсониятнинг моделлаштирилган реалликда яшаши мумкинлигини қайд этишмоқда. Жорий цивилизация бир вақтнинг ўзида миллионлаб одамларга таъсир ўтказа оладиган фотореалистик симуляторларга яқинлашиши бунга далил бўла олади. 

 “Сунъий интеллект ва виртуал реалликнинг ривожланиши натижасида келажак цивилизацияси ўз аждодлари ҳаётини компьютер ёрдамида моделлаштиришга қарор қилиши эҳтимолдан ҳоли эмас”, - дейилади ҳужжатда. 

Хусусан, BAML Tesla ва SpaceX компаниялари асосчиси Илон Маскнинг одамлар аслида бошқа цивилизациянинг компьютер ўйинида яшашига доир тахминларига ишора қилади. Шунингдек таҳлилчилар олим Нил Деграсс Тайсоннинг “Жорий коинот – компьютер модели”, деган фикрини ҳам келтириб ўтишди. 


Швед файласуфи Никлас Бострем 2003 йилда ўзининг “Биз компьютер симуляторида яшаймизми?” деган илмий ишини чоп этган. Мазкур ҳужжатга кўра, инсониятнинг 3 хил ривожланиш йўли бор – “постинсоний” босқичга етгандан сўнг вафот этиш, эволюцион тарих симуляторини яратмайдиган “посткишилар”га айланиш ёки “ҳеч қандай” ривожланиш, зеро у “матрица”да яшайди. 

Манбада таъкидланишича, бундай хулосаларнинг натижалари инвесторлар учун ноаниқлигича қолмоқда.