АҚШнинг Alphabet Inc корпорациясига қарашли Google компанияси маълум қилишича, у булутли дастурий таъминот ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Apigee Corp компаниясини 625 миллион доллар эвазига харид қилади. 

Сан-Хосе шаҳрида жойлашган Apigee томонидан ишлаб чиқарилувчи дастурий таъминот компаниянинг рақамли хизматларига мижозлари ва ҳамкорлари фойдаланадиган иловалар билан ўзаро алоқада бўлиш имконини беради. 

Google Apigee акциядорларига ҳар бир акция учун 17,40 доллардан тўлайди. 

Мижозлари орасида AT&T, Burberry Group Plc, Vodafone Group Plc ва Жаҳон банки каби йирик муассаса ва фирмалар бўлган компания ўтган йилнинг апрель ойида очиқ акциядорлик жамиятига айланган эди. 

Google, Amazon.com Inc, Microsoft Corp, IBM Corp ва бошқа компаниялар тез суръатларда ривожланиб бораётган корпоратив маълумотларни масофада сақлашни таклиф этиш бизнесида ўз улушига эга бўлиш учун кураш олиб бораяпти. 

Apigee компаниясини унинг йирик мижозлар базаси билан бирга харид қилиш Google учун аҳамиятли бўлиб, компанияга ўз рақибларига тенглашиб олиш имконини беради, деган Moor Insights & Strategy таҳлилчиси Патрик Мурҳед.