Камида 21 киши Ҳиндистонда, Орисса штати ҳудудидаги кўприкдан автобус жарга қулаши оқибатида ҳалок бўлган. Шунингдек, 29 киши ҳодиса оқибатида жароҳатланган. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар тарқатди.

Ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 10:00да, Ангул округи ҳудудида рўй берган. Ичида 50 киши бўлган автобус кўприкдан 20 м пастликка қулаган. 14 киши воқеа жойида, яна 7 киши шифохонага олиб борилгач ҳалок бўлган.

Бу автобус Баудхдан Атхмаликка қатновни амалга ошираётганди. Дастлабки маълумотларда айтилишича, ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши оқибатида мазкур фожиали йўл транспорт ҳодисаси рўй берган.

Қайд этиш керакки, меъёридан ортиқ даражада йўловчи миниши оқибатида Ҳиндистонда тез-тез йўл транспорт ҳодисалари рўй бериб туради. Расмий статистик маълумотларга кўра, ҳар куни авариялар оқибатида мамлакатда ўртача 400 киши ҳалок бўлади. Ўтган йилда ЙТҲлар оқибатида Ҳиндистонда 150 мингга яқин киши қурбон бўлган.