9 сентябрь кечки пайт Кипр устида метеорит портлади. Бу ҳақда Cyprus Mail нашри хабар бермоқда. 

Нашр маълумотларига кўра, Троодос тоғ тизими ҳудудидаги аҳоли пунктлари аҳолиси баланд пақиллаш овози билан кечган осмондаги ёрқин оловдан қўрқиб кетганлар. Одамлар ёрқин яшил объектни пайқашган ва маҳаллий вақт билан тахминан соат 00:45 да қаттиқ шовқин эшитишган.      

Полицияда оролнинг хавотирланган аҳолисидан қўнғироқлар келиб тушгани тасдиқланди, бироқ ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари ёруғлик ва портлашлар манбасини мустақил аниқлай олишмаган. Баъзи гувоҳларнинг айтишича, улар ер қимирлаганини сезишган. 

Кипр астрономик жамияти фахрий раиси Иоаннис Факаснинг айтишича, коинот жисми бир неча килограмм келган. Унинг баъзи бўлаклари Кипрдан шимолга томон денгизга тушган.

Метеоритлар деб, коинот жисмининг Ер сиртига тушган бўлагига айтилади. Астрономларнинг фикрича, кўп метеоритлар йирик астероидларнинг қолдиқлари ҳисобланади.