Бишкек шаҳар суди, Қирғизистон ҳукумати аппаратининг халқаро ҳамкорлик бўлими собиқ бошлиғи Алтинбек Муралиевни лавозимини суиистеъмол қилиш ва давлатга хиёнатда айбдор деб топиб, унга 22 йиллик қамоқ жазоси тайинлади. 

"Суд мажлиси ёпиқ тартибда ўтказилди. Бишкек суди коллегияси биринчи инстанция қарорини янада кучайтириб, давлат айблови талабини қаноатлантирган", - дея хабар қилган Қирғизистон Олий суди матбуот котиби Айнура Токтошева "Интерфакс" агентлигига.

"Айбланувчи 22 йилга озодликдан маҳрум этилган. Унинг мол-мулки мусодара қилинади, ҳукмни кучайтирилган тартибли колонияда ўтказади", - дея ойдинлик киритган Токтошева. 

18 май куни Бишкек шаҳрининг Первомайский тумани суди Муралиевга “давлатга хиёнат” жиноятини содир этганлиги учун 18 йил қамоқ жазоси ва мол-мулкини мусодара қилишни тайинлаган эди. 

Муралиев давлат хизматига оид сирларни хорижий ташкилотларга берганликда айбланиб, 2014 йил ноябрида қўлга олинган эди.