Статистик маълумотларга кўра, жаҳонда фойдаланилаётган смартфонлар сони бугунги кунда 2 млрд донадан ортиқдир. У ҳаётимизга шунчалик кириб келмоқдаки, усиз яшашни тасавур қилиш мушкул бўлиб бораяпти. Бироқ, кўпчилик бу техника мўъжизаси қай аҳволда, нималарнинг эвазига ишлаб чиқаришини ўйлаб ҳам кўрмайди, ҳатто хаёлига ҳам келтирмайди. 

Қашшоқлик, ноумидлик, санитария талабларига жавоб бермаслик, ҳар кунги қуллардек ишлаш ва давомли тарзда юз бериб турадиган ўз жонига қасд қилишларнинг барчаси электроника маҳсулотини ишлаб чиқарувчи оддий ишчилар ҳаётида жуда кўп учраб турадиган ҳолатларнинг айримларидир холос. 

7 сентябрь куни Тим Кук Civic Auditorium саҳнасида пайдо бўлди. Apple бош директори меҳмонларга жилмайиб, янги смартфони ва бошқа жиҳозларини намойиш этди. Шу билан бирга, у ўзини дунёни ўзгартираётган ва инсонларга бахт улашаётгандек тутди. Бир жиҳатдан бу фикрларга қўшилмасликнинг иложи йўқ. Бир жиҳатдан, янги iPhone тақдимоти ёрқин ҳодисадир. Аммо, унинг орқа томони ҳам бор. Айтиш мумкинки, iPhone 7 ишлаб чиқариш жараёнида бир неча киши ўз жонига қасд қилиши оқибатида ҳаётдан кўз юмган бўлиши эҳтимоли катта. 

Корпорациянинг барча бош менежерлари, дастурчилар ва маркетологлари Шимолий Америка ёки Европада жойлашган. Улар, асосий қарорларни қабул қилади, дастурларни ишлаб чиқаради ва бозор стратегиясини ишлаб чиқади. Ўз навбатида, оғир жисмоний меҳнат бошқа компанияларга берилади, натижада Apple буюртмачи сифатида сувдан қуруқ чиқади. 

Биринчидан, шундай қилган яхшироқ. Иккинчидан, iPhone бутловчи қисмлари ва смартфонларни йиғишдаги даҳшатли шарт-шароитлар учун корпорация масъулиятни зиммасидан соқит қилади. 

Бир неча йиллар муқаддам, Samsung компаниясининг Хитойдаги Apple учун хотира чиплари ва процессорларини ишлаб чиқарувчи заводлари санитария талабларини энг кўп бузадиган корхоналар ҳисобланарди. Хусусан, инсонларга гўёки захирадек муносабатда бўлишган: 2012 йилдаги ҳисоботга кўра, мазкур фабрикалардаги ишчилар кунига 10-12 соат ишлаган, турли хил таҳқирлаш ва ҳақоратларга бардош қилишган.  Fair Labour Association каби халқаро назорат ташкилотларига эса, келмаслариданоқ, эшикни кўрсатиб қўйишган. 

Заводдаги маош ҳам энг кам иш ҳақи меъёрида белгиланган бўлиб, Samsung бунинг учун ҳар бир ишчига ойига 250 доллар ажратган. 

Айтиш жоизки, Жанубий Кореяда кўплаб меҳмат қонунчилиги бузилишларига бармоқ ортидан қарашади. Ахир, Samsung мамлакат ЯИМнинг деярли чорак қисмини таъминлайди. Шу боисдан ҳам давлат саноат гигантини текширишга жиддий тус беришдан ўзини тийиб туради. 2012 йилдан компаниянинг ўзи фабрикалардаги тартибни назорат қилаётганига қарамай, меҳнат шароитлари Америка ва Европа меъёрларидан анча ортда. 

Тайваннинг Foxconn компаниясини давлат ичидаги давлатга қиёслаш мумкин. Унинг фабрикаларида бир ярим миллион инсон хизмат қилади. Улар, жумладан iPhone смартфонларини йиғишади. 2010 йилда корхонанинг 18 нафар ходими ўз жонига суиқасд қилишга уринган. Уларнинг 14 нафари ўз мақсадига эришган ҳам. Шундан сўнг, Foxconn иккита ислоҳот ўтказди. Биринчидан, цехларда ўзини ўлдиришга йўл қўймайдиган қафаслар тортиб чиқилди. Иккинчидан, ишчиларнинг ҳаддан ортиқ юкланиш сабаб ўлгани тўғрисидаги ҳодисаларни тишидан чиқармаслик. Ҳа, Foxconn ўлим ҳолларидан сўнг, ёпиқ ташкилотга айлангани, тасодиф эмас. 

Fair Labour Association ташкилотининг ҳисоботига кўра, компаниянинг барча ишчилари симли тўсиқлар ортидаги пуллик умумтураржойларда истиқомат қилишган. Айтиш мумкинки, 12 кишилик хоналар кўпроқ қамоқхоналарни ёдга солади. Унинг ҳудудини, махсус рухсатсиз ўз хоҳишига кўра тарк этиш, ишдан ҳайдалишни англатади.

Янги iPhone телефони тақдимоти яқинлашган кезларда, ишчилар цехнинг ўзида дам олиб қўя қолишади. Foxconn ишчилари гуруҳ бўлиб душ қабул қилишади, ҳафтасига 80 соат ишлаш баробарида малака ошириш дасрларига қатнашади. Foxconn йиғувчисининг кундалик иш тартиби эрталаб 8:30да бошланиб, 21:00да якунланади. Иш давомида 2 соатлик дам олиш вақти мавжуд, аммо кун мобайнида суҳбатлашиш мумкин. Душда эса совуқ сувдан ҳузурланиш мумкин холос. Телефон орқали суҳбатлашишга фақатгина уйқудан олдин бир неча дақиқага рухсат берилади. 

Маош ойига 350—400 долларни ташкил этади. Хитойда энг кам иш ҳақи 150—320 доллар эканини рўкач қилган Foxconn ўзидаги шароит мамлакатнинг катта қисмидаги вазиятдан яхши экани билан фахрланади. Аммо, ишлаб чиқариш талабларини бажаришга келганда, пул инсон ҳаётидан муҳимроқ нарсага айланади. 

2013 йили 17 яшар Тьян Йу Шеньчжень қишлоғидан Foxconn фабрикасига ишга кирди: унинг учун оиласини пул билан таъминлашнинг ягона имкони эди. Дастлаб у, кундузги сменада ишлаган бўлса-да, унинг айтишича, кейинроқ тунги сменага ўтишга мажбурлашган. Тьянга биноан, Foxconn ишчиларига ҳафтасига 40—60 соатлик меҳнат шартномасини имзолашга мажбурлайди. Аслида, одамлар 70—90 соат ишлашади. 

Ишга бориш вақтида, саф бўлиб бориш талаб этилади. Интизомни бузган кўпроқ ишлаб беришга мажбур бўлади. "Ишларинг қандай?" саволга биргина жавоб бериш мумкин: "Яхши, жуда яхши". Қолган вақтларда, сукут сақлаш даркор. Бу қоидани бузган шахс жарима тўлайди ва ҳатто ҳақорат қилинади. Баъзи-баъзида, эҳтимол бўшашиб кетмасликлари учун яхши ишлаётганларга ҳам жарима солиб турилади. 

Foxconn компанияси, ўзида юз берган ўлим ҳолларини изоҳлар экан, "улардаги ўлим ҳолати мамлакатдаги ўртача ўлим ҳолатидан паст деган важни илгари сурди". Эндиликда, компаниянинг янги ишчилари, ўз жонига қасд қилган тақдирда, унинг қариндошлари Foxconn билан судлашмаслиги борасида шартнома имзолашга мажбур бўлмоқда.