Қозоғистон Республикаси Миллий банки (Марказий банки) қозоғистонликларга жамғармаларини тозаланган олтин қуйма кўринишида сақлашни таклиф этмоқда. Миллий банк раиси Даниёр Акишев, ҳукуматнинг давлат раҳбари Назарбоев иштирокида Оқ ўрдада бўлиб ўтаётган кенгайтирилган мажлисида шундай фикрни илгари сурди, деб хабар қилмоқда "Казинформ".

«Биз аҳолига хорижий валюта ўрнига жамғарманинг оддий ва қулай турини, яъни олтинни таклиф этмоқчимиз. Миллий банк бошқа молиявий муассасалар билан бирга аҳолининг истаган вақтда олтинни сотиб олиши ва сота олиши учун мазкур бозор ликвидлигини таъминлайди», - деган Акишев.

Унинг сўзларига кўра, Миллий банк қозоғистонликларнинг жамғармаларини сақлаш учун олтин ва кумуш тангалар сингари тозаланган олтин қуймаларининг оммалашуви борасида чоралар кўради.