АҚШнинг Огайо штатида сават кўринишида қурилган 7 қаватли бинонинг нархи 1,5 йил ичида 7,5 млн доллардан 5 млн долларгача тушиб кетди, бироқ бино учун харидор ҳали ҳам топилмаган. 

Бино шакли унинг ичида бош қароргоҳи жойлашган Longaberger компанияси саватчаларидан бирига ўхшаш қурилган. Бино қурилиши 1997 йилда битказилган ва компанияга тахминан 32 млн долларга айланган.

Бинони сотиш билан шуғуллаётган риэлторнинг айтишича уни сотиш "қийин кечмоқда". Бироқ шунга қарамай уни сотиб олиш бўйича бир неча таклифлар тушган, аммо улардан бирортаси амалга ошмаган. 

Бинони сотишдаги муаммолардан бири унинг катта ўлчамлари бўлмоқда, чунки уни сотиб олишга қизиқиш билдирган компаниялардан бирортаси бу улкан саватни тўлдириш учун етарлича ходимларга эга эмас. Бундан ташқари, бино шаҳар ташқарисида жойлашгани ноқулайлик туғдирмоқда.

Эҳтимол, келажакда бино қариялар уйи ёки колл-марказга айлантирилиши мумкин. Шунингдек у ўзига хос жиҳатларидан айрилиши ҳам мумкин: "саватчанинг ушлагичлари" олиб ташланиши, бинонинг ўзи эса пикник саватчасини бошқа эслатмаслик учун бошқача тарзда бўялиши мумкин. 

Ҳозирча эса бино одамлар суратга тушишни ёқтирадиган диққатга сазовор жой бўлиб қолмоқда.

.