Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси (МСК) Ўзбекистон президенти сайловини ёритиш бўйича Ўзбекистон ва чет эл журналистларини аккредитациядан ўтказмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон республикаси Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар берган.

Журналистлар аккредитациядан ўтиши учун жорий йилнинг 1 декабрига қадар Ўзбекистон Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказига қуйидаги ҳужжатларни тақдим қилишлари лозим:

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов номига ОАВ ташкилотининг расмий бланкасида журналистни аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги ариза;
аккредитациядан ўтадиган журналистнинг ўлчами 3,5х4,5 см бўлган икки дона фотосурати;
ОАВ ташкилотининг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси, электрон ОАВ учун – эфирга узатиш лицензиясининг нусхаси, хорижий журналистлар учун – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг нусхаси.
 
Кўрсатилган маълумотлардан иборат бўлмаган ёки журналистнинг уларга илова қилинмаган фотосуратларисиз ариза кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди. 

Қўшимча маълумотларни 239-15-72 телефон рақамига қўнғироқ қилиб олиш мумкин.

Ўзбекистонда 9 сентябрдан президент сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланди, Ўзбекистон президентлигига сайлов эса 4 декабрь куни ўтказилади.