Ўзбекистондаги барча ўқув муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан ўқув йилининг биринчи ўн кунлигида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида «Диққат, болалар!» тадбирлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентлиги хабар берди.

Ҳар йил анъанавий тарзда ўтказилаётган профилактика тадбирларида ўқувчи-ёшларга йўл ҳаракати қоидалари, ҳайдовчи ва пиёдаларнинг мажбуриятлари, хавфсизлик шартлари батафсил тушунтирилмоқда. Йўл-транспорт ҳодисаларининг оқибатлари ва уларнинг олдини олишга доир маълумотлар бериб борилмоқда.

Профилактика тадбирлари давомида ҳар бир ўқув муассасасига йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари бириктирилиб, пиёдаларга, айниқса, болаларга йўл ҳаракати қоидаларини билиши зарурлиги уқтирилмоқда.

Тошкентнинг Чилонзор туманидаги 162-умумтаълим мактабида бўлган тадбирда ҳам соҳа ходимлари томонидан ўқувчи-ёшларга кўргазмали қуроллар асосида йўл ҳаракати қоидалари, пиёдаларнинг мажбуриятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.