Америкадаги айрим савдо брендлари 11 сентябрь воқеалари мавзусидан тижорий мақсадларда фойдаланишга қарор қилгани ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва харидорларнинг ғазабига сабаб бўлмоқда, дея хабар қилган СNN телеканали.

Телеканалга кўра, 9/11 теракти мавзуси тижорий реклама маҳсулотида қўлланилиши мумкин бўлмаса-да, айрим брендлар ушбу санадан ўз маҳсулотларини тарғиб қилишда фойдаланишга уриниб кўришган.

Масалан, Техас штатининг Сан-Антонио шаҳридаги матраслар дўкони суратга олган промо-роликда эгизак биноларнинг қулаши матраслар ёрдамида такрорланган. Унда, экранда кўринган қиз мижозларни катта чегирмалар кутаётганини айтади. Унинг ортида турган икки эркак матраслардан ясалган эгизак минорага сакрайди, шундан сўнг қиз бир зум ҳайратланиб қолгач, камерага ўгирилиб, «Биз ҳеч қачон унутмаймиз» деган шиорни такрорлайди. 

Матрас дўкони кўп ўтмай, ғазабланган кишиларнинг таъна-дашномларига қолди. Унинг директори Майк Бонано, дўконнинг Фейсбукдаги саҳифасида зудлик билан узр сўрашга мажбур бўлди.   

Айтиш жоизки, 11 сентябрь воқеаларидан ўз рекламасида фойдаланиш ҳолати АҚШнинг энг йирик савдо тармоқларидан бири Walmart томонидан ҳам содир этилгани кўпчиликнинг қаҳрини келтириб чиқарди. 

Твиттер фойдаланувчиларидан бири Флоридада жойлашган супермаркет суратини ижтимоий тармоққа жойлаштирган. Унда, Сoca-Cola тўпламларидан эгизак устун барпо этилиб, унинг тепасига «Биз ҳеч қачон унутмаймиз» сўзлари битилган баннер осилгани яққол кўриниб туради. Айни сурат Твиттер фойдаланувчиларининг кўп сонли қаҳрли изоҳлари билан бойида, дейиш мумкин. Айримлар ҳатто, суратни фотошоп маҳсули деб айтишган. 

Walmart вакилининг Mashable нашрига маълум қилишича, ушбу промо-акция ғояси Сoca-Cola компаниясига тегишли бўлган, бироқ дўкон раҳбарияти уни қўллаб-қувватлаган. Компания матбуот котиби Чарльз Кроусоннинг сўзларига кўра, улар 11 сентябрь воқеаларига жиддий муносабатда бўлгани боис, бирон кишининг кўнглини оғритишни истамаган. Мурожаатлар келиб туша бошлагач, промо акция бурчаги бузиб ташланган. Шу билан бирга, Сoca-Cola вакили, мазкур реклама кимгадир оғир ботган бўлса, улардан узр сўрашини билдирган. 

Эслатиб ўтамиз, 2001 йил 11 сентябрда террорчилар йўловчи самолётларини ўғирлаб, АҚШнинг Вашингтон ва Нью-Йорк шаҳарларига ҳужум уюштирган. Ўшанда, ўғирланган самолётлардан иккитаси Бутунжаҳон савдо марказининг эгизак биноларига келиб урилган эди. Мазкур терактларда 3 мингга яқин инсон ҳаётдан кўз юмган.