Apple компанияси ҳайдовчисиз автомобиль яратишга ихтисослашган Titan лойиҳасини ёпди ва у билан боғлиқ бўлган ўнлаб ишчиларини ишдан бўшатди. Бу ҳақда ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда The New York Times нашри хабар бермоқда. 

Айни вақтда кўплаб компаниялар, жумладан Google, Uber, Tesla, Ford, General Motors ва бошқа компаниялар ҳайдовчисиз автомобиллар учун технологияларни яратиш устида иш олиб бормоқда. Apple бу соҳадаги барча ишланмаларни сир сақлаган. Яқинда Titan лойиҳасига Apple фахрийси – Боб Мэнсфилд таклиф қилинганди.

Манбаларнинг маълум қилишича, компанияда катта кўламдаги қисқартиришлар лойиҳадаги ўзгаришлар билан боғланган, бироқ ҳеч қандай тафсилотлар ошкор қилинмаяпти. Шуниси маълумки, Мэнсфилд келиши билан компания ҳайдовчисиз автомобилларни яратиш ўрнига ҳайдовчисиз бошқарув технологияларини яратиш билан шуғулланишга қарор қилган.