АҚШнинг "Денвер Бронкос" американча футбол клуби ўйинчиси Брэндон Маршалл американча футбол бўйича АҚШ чемпионати очилиш учрашуви олдидан ижро этилган АҚШ мадҳиясини бир тиззасида чўккалаган ҳолда қаршилади. Ўйинчи шу тариқа АҚШдаги ижтимоий адолатсизликка қарши норозилигини билдирди.

"Мен армия, полиция ёки умуман Америкага қарши эмасман. Мен ижтимоий адолатсизликка қаршиман. Менга шундай қилиш зарурдек туюлди", деб айтди Маршалл. 

Унинг таъкидлашича, унинг норозилигининг асосий сабаби полициячиларнинг жорий ёзда фуқароларга қарши содир этган қаттиққўллиги бўлди.

Маршалл шу тариқа "Сан-Франциско" клуби квотербеги Колин Каперник бошлаб берган акцияни давом эттирди. Футболчи мавсумолди ўйинлари вақтида АҚШ мадҳияси янграётганда ўрнидан турмаган. Коперник бу қилмишини у "қора ва ўзгача рангдаги одамларни таҳқирловчи давлат байроғига" ҳурмат билдиришни истамаётгани билан тушунтирган.