Ўзбек Миллий академик драма театрининг янги 102-ижодий мавсуми очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда “Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирга ижодий ва жамоат ташкилотларининг вакиллари, театр фидойилари, маънавият тарғиботчилари, ўқитувчилар, талаба-ёшлар, санъат мухлислари таклиф этилди. Бу ҳақида ЎзА маълум қилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтириш билан бошланди.

Миллий академик драма театри раҳбари Ф.Маъсудов ва бошқалар истиқлол йилларида мамлакатимизда янги ҳаёт, янги жамият асосларини барпо этиш жараёнида ёш авлод маънавиятини юксалтириш, миллий маданиятимиз ва санъатимизни тобора равнақ топтириш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлашди. 

Театр жамоаси илк бор 1945-1948 йилларда Уйғун ва Иззат Султон асари асосида «Алишер Навоий» спектаклини намойиш этган. Ушбу драмага театр ижодий жамоаси қайта-қайта мурожаат этиб, мазкур асар бир неча марта саҳна юзини кўрди. Ушбу мавсум ҳам ана шу спектакль намойиши билан бошланди. 

Спектаклда Навоий ролини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Беҳзод Муҳаммадкаримов, Гули ролини эса Дилноза Кубаева ижро этди. Шунингдек, асосий ролларда Ўзбекистон халқ артистлари Эркин Комилов, Муҳаммадали Абдуқундузов, Саидкомил Умаров ва бошқаларни кўриш мумкин.