АҚШ миллий хавфсизлик агентлиги 2003 йилнинг қишида «Ал-Қоида» жангарилари томонидан Вашингтон ёки унинг атрофида ядро бомбаси қўллашни режалаштиргани ҳақидаги маълумотга эга бўлган. The Daily Beast хабарида ёзилишича, МХА жангарилар разведка фаолиятини чиппакка чиқариш учун агентлик штаб-квартирасида ядро қурилмасини портлатиши эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда ҳаракатланган.

Хабарда айтилишича, жангарилар ўша йили янги йил кунида ҳужум қилиши кутилганди.

«Разведка ядро қувватлари Вашингтондаги оператив бошқарув тизими фаолиятини ишдан чиқариш мақсадида портлатилиши мумкинлигини тахмин қилган. Бу эса ўз ортида ҳалокатли оқибатларни келтириб чиқарар эди», — дея маълумот берган нашр манбаси. У ўша вақтда ядро қуролини қидирган гуруҳлар фаолиятини кузатиб борган махсус хизмат ходими сифатида ишлаган.

«Ўша йили Рождествони нишонлаш учун яқинларим олдига ҳам бора олмагандим», дея эслаган у.

МХА ходимларидан иборат махсус гуруҳлар Вашингтондан ташқари Лос-Анжелес ва Нью-Йорк шаҳарларида ҳам эҳтимолий хавфни ўрганиш учун сафарбар этилган.

Яна бошқа гуруҳлар террорчиларнинг таҳдидларига ишониш мумкин-мумкин эмаслигини текшириш билан банд бўлган.

АҚШ энергетика вазирлиги мамлакатнинг йирик шаҳарларига радиоактив нурланишни аниқлаши лозим бўлган қурилмага эга вакилларини жўнатган. 

2003 йилнинг 24 декабрида АҚШ МХА раҳбари Майкл Ҳейден (агентликка 1999 йилдан 2005 йилгача раҳбарлик қилган) Буюк Британия Ҳукумат алоқалари марказининг Маълумотларни тутиш бўлими раҳбари Дэвид Пеппер билан қўнғироқлашган. У Пепперга "ҳалокат рўй берган тақдирда" разведка фаолияти устидан раҳбарликни қўлга олиш масаласида ёрдам сўраган.

АҚШда 2001 йилнинг 11 сентябрида «Ал-Қоида» томонидан хунрезлик содир этилгач, шундай хуруж такрорланиши эҳтимоли сақланиб қолган. 

Манба: TACC