Германия хавфсизлик хизматлари қачонлардир Европадан Сурия ва Ироқ ҳудудларига йўл олган ва эндиликда ЕИ ҳудудига қайтаётган диний радикаллар сони ортиб бораётгани ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда Welt am Sonntag нашри хабар тарқатган.

Хабарда айтилишича, ўз вақтида Европадан 6 мингдан ортиқ радикал уруш ҳаракатлари олиб борилган ҳудудларга жўнаб кетган ва энди уларнинг учдан бир қисми ортга қайтиши мумкин. У бундай тоифалар муҳожирлар қаторида Европага ўтиб олиши мумкинлигини қайд этиб ўтган.

Нашрнинг ёзишича, бу ИШИДнинг мағлубиятга учраётгани билан боғлиқ.

«Жиҳодчиларнинг қайтиши жиддий таҳдидларни келтириб чиқаради. Уларнинг аксар қисми ўта радикал ёндашувга, ҳарбий тайёргарликка ва уруш тажрибасига эга», дея маълум қилган Германия жиноий ишлар идораси раҳбари Ҳольгер Мюнх.

Мюнх шунингдек, радикаллар Ироқ ва Сурияда бир-бири билан алоқа ўрнатиб, сўнг ташкил этилган террорчилик тармоғидан Европада фойдаланиши мумкинлигидан огоҳлантирган. У Париж ва Брюсселдаги терактлар ташкилотчилари бир-бирлари билан алоқада бўлганини эслатиб ўтган.

Шу билан боғлиқ равишда Мюнх Европа мамлакатлари разведкасини ўзаро фаолроқ ахборот алмашишга чақирган.