АҚШ президентлиги учун сайловда Республикачилар партиясидан номзод бўлган Дональд Трамп ИШИДга қарши кураш муваффақиятли тарзда олиб борилиши учун  Вашингтон ва Москва томонлари ўзаро ҳамкорлик қилиши керак деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар тарқатган.

У шунингдек, рақиби Ҳиллари Клинтонни аввалги лавозимида, АҚШ Давлат котиби эканида Россия билан муносабатларда тутган йўли учун танқид қилиб ўтган.

"Агар биз Россия билан чиқишиб олсак, бу ёмон иш бўлмайди-ку, тўғрими?", деган у Флорида штатидаги сайловчилар билан учрашуви вақтида.

Трамп шунингдек, демократлар партияси номзоди Ҳиллари Клинтон "Россия билан муносабатларни йўлга қўйишда тўла ҳалокатга юз тутгани" ҳақида айтиб ўтган.

"Агар ИШИД билан душман бўлган Россия бизга бу ташкилотга қарши курашда кўмаклашса, бизнинг бу ташкилотдан қутулишимиз учун миллиардлаб маблағ сарфласа, мен буни тўла қўллаб-қувватлайман", деган миллиардер.