8 сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида қабул қилинган қарорга мутахассислар фикр билдиришда давом этмоқда. ЎзА Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори, юридик фанлари доктори, профессор Акмал Саидовнинг фикрларини келтирган.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг раиси Ниғматулла Йўлдошев, 8 сентябрь куни ўтказилган қўшма йиғилишида сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини ўзининг зиммасига юкламасликларини сўради ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М.Мирзиёевнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида раҳбарлик лавозимларидаги кўп йиллик тажрибасини, аҳоли ўртасидаги ҳурмат-эътиборини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифа ва ваколатларини бажаришни унинг зиммасига вақтинча юклаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклиф билан мурожаат қилди. 

Н.Т.Йўлдошев ўз мурожаатида асосан прокуратура ва адлия органларида ишлаганини,  давлат ҳокимияти ва бошқарувнинг бошқа идораларидаги раҳбарлик лавозимларидаги етарли тажрибага эга эмаслиги, бир ярим йиллик  Сенат раислиги давомида орттирган кўникмалари ҳозирги шароитда барқарорликни сақлаш, жамоат хавфсизлигини ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, мамлакатни ривожлантиришнинг энг муҳим сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий масалаларини самарали ҳал этиш учун етарли эмаслигини тан олди.

Сенат Раиси Н.Т.Йўлдошев ўзининг бу таклифи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан маъқулланганини қайд этди. 

Сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари, депутатлар ва сенаторлар ҳозирги шароитда мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини, барқарорликни сақлаш, жамоат хавфсизлигини ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, мамлакатни ривожлантиришнинг энг муҳим сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий масалаларини самарали ҳал этиш зарурлигини эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Т.Йўлдошевнинг таклифини қўллаб-қувватладилар. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенатининг мазкур муҳим қарори мамлакатимиз конституцияси ва қонунлари талабларига тўла мос келса-да, айрим хорижий оммавий ахборот воситалари ва интернет нашрларида гўёки Президентнинг вазифа ва ваколатларининг  Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига вақтинча юклатилиши қонунга хилофлиги ҳақидаги гап-сўзлар “болалай” бошлади.

Шу муносабат билан мен ҳуқуқшунос сифатида ўз мулоҳазаларимни билдириб ўтсам.

Конституциямизнинг 96-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилади, бунда уч ой муддат ичида, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда мамлакат Президенти сайлови ўтказилади.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг раиси Ниғматулла Йўлдошевнинг  қўшма йиғилишида Президентнинг вазифа ва ваколатларини ўзининг зиммасига юкламасликларини, бу вазифа ва ваколатларни Бош вазир зиммасига вақтинча юклашни сўраши қуйидаги конституцион-ҳуқуқий асосларга кўра қонунийдир:

Биринчидан, Конституциямизнинг 81-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлислари мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг ҳар қандай муҳим масалалари юзасидан ўтказилиши мумкин. Мазкур масаланинг парламент палаталари қўшма мажлисида кўриб чиқилиши мустаҳкам қонуний асосга эгадир.

Иккинчидан, мамлакатимиз ҳаётига оид масалалар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қарор қабул қилиш ваколати Конституциямизнинг 82-моддаси, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси тўғрисидаги”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати” тўғрисидаги конституциявий қонунларининг 11-моддаларига асосан мустаҳкамлаб қўйилган. Унга кўра, палаталарнинг қўшма мажлисида муҳокама қилинган масалалар юзасидан қўшма қарорлар қарор қабул қилинади. Шунингдек, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 6 моддасига мувофиқ, Олий Мажлиснинг ҳар икки палатаси томонидан қабул қилинган қарорлар қонуний кучга эга ҳисобланади.

Учинчидан, мураккаб вазиятларда, жумладан Сенат раиси Президентнинг вазифа ва ваколатларини қабул қилишдан бош тортган тақдирда, парламент унга мазкур вазифа ва ваколатларни мажбуран юклаш ҳуқуқига эга эмас. Бу борада қарор қабул қилинган тақдирда ҳам, у Ўзбекистон Конституцияси ва Қонунларида кафолатланган,  ҳар бир шахснинг ўз иродасини эркин намоён этиш ва  мақбул фаолиятни танлаш борасидаги ҳуқуқларига зид бўларди. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Қонунларида Олий Мажлис Сенати Раисининиг тегишли вазифа ва ваколатлардан воз кечиши мумкин эмаслиги кўрсатилмаган.

Тўртинчидан, Конституция ва қонунларда Олий Мажлис Сенати ушбу вазифа ва ваколатларни қабул қилишдан бош тортган тақдирда, уларни кимга юклаш лозимлиги назарда тутилмаган.

Бешинчидан, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг  депутати ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига кўра, ҳар бир депутат ёки сенат аъзоси, шу жумладан Сенат раиси ҳам, Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг мажлисида кўриб чиқилаётган барча масалалар бўйича таклиф билдиришга, ўз таклифларини асослаб бериш учун сўзга чиқишга ҳақли.

Президентнинг вазифа ва ваколатларини Бош вазирга вақтинча  юклаш тўғрисидаги қўшма мажлис қарорининг Олий Мажлис палаталари регламентлари ҳақидаги қонунлар талабларига тўла  мослиги депутатлар ва сенаторлар, барча сиёсий партиялар фракциялари томонидан муҳокама қилинган ва қўллаб-қувватланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Конституциямизнинг 76-моддасига биноан, олий давлат вакиллик органи сифатида, юзага келган мазкур вазиятда, мамлакатимиз ҳаёти учун ўта муҳим бўлган бу  қарорни қабул қилиши шарт эди ва шундай бўлди ҳам.

Шу тариқа, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма қарори мамлакатимиз конституцияси ва қонуний  меъёрларига, энг муҳими, Ватанимизнинг миллий манфаатларига тўла мос келади, дейишимиз учун барча ҳуқуқий асослар етарли.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 2 сентябрь куни 78 ёшда инсульт оқибатида вафот этди. Марҳум ўз она шаҳри Самарқандда, Шоҳи Зинда мажмуасидаги Ҳазрати Хизр қабристонида дафн этилди.

8 сентябрь куни мамлакат бош вазири Шавкат Мирзиёев Олий Мажлиснинг қўшма мажлиси қарорига биноан президент вазифа ва ваколатларини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган эди. Ўзбекистон Конституциясига биноан, мамлакат президенти ўз вазифасини ўтай олмаган ҳолларда, унинг вазифасини вақтинча бажариш Сенат раиси зиммасига юклатилиши керак. Президент вазифасини ўташи керак бўлган Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошевнинг ўзи ушбу ваколатлардан воз кечиб, Шавкат Мирзиёев номзодини таклиф қилди.