Финляндиянинг Finnair миллий авиакомпанияси ўз самолётлари бортларида Samsung Galaxy Note 7 смартфонларидан фойдаланиш ёки бундай қурилмаларни қувватлантиришни тақиқлади. Финнлар жанубий кореяликлар компанияси маҳсулотларидаги қизиб кетиш ортидан портлаш рўй бериши бўйича ҳолатлар юз бергач, бу смартфондан фойдаланишга қўйилган тақиққа қўшилган.

"Samsung Galaxy Note 7 телефонини фақат қўлда олиб юриш мумкин. Телефон парвоз вақтида ўчиқ бўлиши ҳамда қувватлантирилмаслиги керак", — дейилган Finnair хабарида.

Бундан олдинроқ, хавфсизлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб шундай тақиқлар БАА, Индонезия, Сингапур, Ҳиндистон ва Австралиядаги авиакомпаниялар томонидан жорий қилинганди.

АҚШ авиация бошқармаси авиайўловчиларга Galaxy Note 7 смартфонидан фойдаланмасликни тавсия қилди. Қолаверса, АҚШ расмийлари Samsung Galaxy Note 7 смартфонларидан воз кечишга чақирди.

Samsung компанияси ҳам ўз мижозларидан Galaxy Note 7 смарфонларидан фойдаланишни тўхтатишни ҳамда смарфонларни янгиларига алмаштириб олишни сўраган.

Galaxy Note 7 сотуви 19 август куни дунёнинг 10та мамлакатида йўлга қўйилганди. Сентябрь ойи бошида компания батареялар портлаб кетиши хавфи мавжудлиги туфайли  Galaxy Note 7 сотувини тўхтатди. Шундан сўнг,  Galaxy Note 7 смартфонлари янгиларига алмаштириб берилиши эълон қилинди.