АҚШ президентлиги учун сайловда Демократик партиядан номзод Ҳиллари Клинтон президентлик пойгасидан чиқишга қарор қилса, унинг ўрнига зудлик билан бошқа номзод топишга тўғри келади. Буюк Британиядаги The Telegraph нашри бу борадаги тахминларини билдириб ўтган.

Ҳозирда эҳтимолий ўринбосарлар сифатида АҚШ вице-президенти Жо Байден ҳамда Клинтон хонимга праймеризлар вақтида мағлуб бўлган демократ, Вермонт штати сенатори Берни Сандерс номлари тилга олинмоқда.

Агар Ҳиллари Клинтон ўз ихтиёри билан пойгадан чиқса, бу масала бўйича қарор қабул қилиш учун демократларнинг шошилинч мажлиси чақирилишига тўғри келади.

Лекин ҳозирча Клинтон курашдан чиқиши эҳтимоли ҳақида ишора бермаган.

11 сентябрь куни Нью-Йоркда 2001 йилги теракт қурбонлари хотирасига ўтказилган хотира маросими вақтида Клинтон хоним ўзини жуда ёмон ҳис қила бошлади. Шундан сўнг, у маросимни барвақт тарк этди. У автомобилгача мустақил етиб бора олмади. Номзоднинг йиқилаёзгани ва оёғидаги туфлиси тушиб қолгани тасвирлари ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Аввалига унинг штабидагилар буни иссиқ уриши билан изоҳлашганди.

Кўп ўтмай, шахсий шифокор Ҳиллари Клинтонга ўпка яллиғланиши ташхисини қўйди.

Клинтон хонимга антибиотиклар қабул қилиш ҳамда иш графигига ўзгартиришлар киритиб, дам олиш тавсия қилинди. 

Шундан сўнг, у сайловолди кампанияси жадвалига ўзгариш киритиб, Калифорния ва Невадага сайловолди сафарини бекор қилди.