АҚШ президентлиги учун республикачилар партиясидан номзод бўлган Дональд Трамп ўз штабига демократлар вакили бўлмиш рақиби Ҳиллари Клинтоннинг соғлиги ёмонлашгани бўйича салбий изоҳлар билдиришдан тийилишни кўрсатма берди. Бу ҳақда CNN хабар берган.

11 сентябрь куни Нью-Йоркда 2001 йилги теракт қурбонлари хотирасига ўтказилган хотира маросими вақтида Клинтон хоним ўзини жуда ёмон ҳис қила бошлади. Шундан сўнг, у маросимни барвақт тарк этди. У автомобилгача мустақил етиб бора олмади. Номзоднинг йиқилаёзгани ва оёғидаги туфлиси тушиб қолгани тасвирлари ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Аввалига унинг штабидагилар буни иссиқ уриши билан изоҳлашганди.

Кўп ўтмай, шахсий шифокор Ҳиллари Клинтонда пневмония борлигини маълум қилди.

Трампнинг ёрдамчилари қайд этишича, у "Клинтон хонимнинг тезроқ тузалишини истайди". У ёрдамчиларига берган кўрсатмаси орқали рақибига ҳурмат кўрсатгани айтилган.

Телеканал мухбирининг эслатишича, Трамп бундан аввал бир неча марта Клинтон хонимнинг соғлиги ҳақида кинояли фикрлар билдирганди. Лекин бу сафар у жим туришни маъқул кўрган ва ижтимоий тармоқларда ҳам бу ҳақида ҳеч нарса ёзмаган.

Трамп 11 сентябрь кунги маросимларда иштирок этишдан бош тортганди.