АҚШнинг HP корпорацияси 1,05 млрд доллар эвазига Samsung компаниясининг принтерлар ишлаб чиқарувчи шўъба корхонасини харид қилмоқчи, деб ёзмоқда The Wall Street Journal.

Америка компанияси ушбу битим воситасида лазерли принтерлар учун асосий бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш қувватларига эга бўлади. HP шу пайтгача уларни бошқа фирмалардан харид қилиб келаётган эди. 

Шу билан бирга, келишув шартига кўра, Samsung Жанубий Кореяда принтерларни ўз номи билан сотишда давом этади. Бироқ, уларни ишлаб чиқариш билан HP шуғулланади.

Хабарларда таъкидланишича, олди-сотди битими шу йил охирига қадар якунига етказилади. Унинг ниҳоясида Жанубий Корея компанияси HP корпорациясининг 100 млндан 300 млн долларгача бўлган акциясига эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, HP асосан компьютерлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бироқ, унинг асосий даромади принтерлар учун бўёқ картриджларни етказиб беришдан тушади.