Англиядаги ҳаваскор клуб ҳисобланмиш «Шоу Лейн» жамоаси футболчиси Дэниел Уилкинсон ўйин вақтида ҳушини йўқотиб, қайта уйғонмади. Бу ҳақда BBC Sport хабар берди.

26 ёшли футболчи саккизинчи дивизион доирасида «Бригхаус Таун»га қарши учрашув вақтида тўсатдан газонга қулаган. Унга стадиондаёқ тиббий ёрдам кўрсатилган, у тезда шифохонага олиб кетилган, лекин шифокорлар футболчининг ўлимини қайд этишган.

«У ажойиб йигит эди. Мен энди усиз қандай бўлишини тасаввур қила олмаяпман. Бўшлиқ пайдо бўлди, биз барчамиз шифохонага бордик. Биз бу жудоликни қабул қилишимиз керак. Унинг оиласини қўллаб-қувватлаб турамиз», — деган «Шоу Лейн» мураббийи Крейг Эллиот.

Уилкинсон клуб сафига 2016/17 йилги мавсум арафасида келиб қўшилганди. Бу футболчи фаолиятини 2010 йили ҳозирда биринчи лигада иштирок этаётган «Ҳалл Сити» жамоасида бошлаганди.

12 сентябрь куни Буркина-Фасо терма жамоаси аъзоси, Франциянинг «Бигуглия» клуби аъзоси Бен Идрисс Дерме мамлакат кубоги доирасида «Фуриани» жамоасига кечаётган ўйин вақтида ҳалок бўлгани маълум қилинганди.