Янги беш фунт стерлинг қийматидаги банкнота эгилувчан полимер плёнкадан тайёрланган бўлиб, 13 сентябрдан бошлаб Бирлашган Қиролликда муомалага киритилди. 

Дунёга машҳур бош вазир Уинстон Черчилль сурати туширилган пластик пулдан 440 миллион дона ишлаб чиқарилган.

Дўконлар эски ва янги банкноталарни бирдек қабул қиладиган ўтиш даври 2017 йил май ойига қадар давом этади. Шундан сўнг, эски беш фунтликларни Англия банкида алмаштириш мумкин бўлади. 

Янги пластик пулнинг тақдимоти июнь ойи бошларида Черчилль таваллуд топган Мальборо герцоглар оиласи мулкида бўлиб ўтган эди. 

Англия банки 2017 йилда 10 фунт стерлинг, 2020 йилда 20 фунтли пластик пулларни чиқаришни режалаштирмоқда. 

Полимер материалдан ясалгани учун янги пул белгисига сув юқмайди, шу билан бирга ундан кўпроқ фойдаланиш мумкин бўлади.