Ижтимоий тармоқларда бир-бири билан кесишувчи чизиқлар ва бир вақтнинг ўзида кўришнинг иложиси бўлмаган қора нуқталар тасвирланган оптик иллюзия кенг тарқалмоқда.  

Ўйин дастурловчиси Уилл Керслейк 12 сентябрь куни ўзининг твиттерида ушбу тасвирни жойлаштирди ва у бир кеча-кундузда 13 минг ретвитга эга бўлди. Ундан бир кун аввал эса япониялик профессор Китаока фейсбукда мазкур суратни жойлаган бўлиб, у ҳам 7 мингдан кўп марта бўлишилган. Бу тасвирнинг оригинал варианти 2000 йилда Perception журналидаги илмий мақолада чоп этилган. 

Иллюзиянинг моҳияти шундан иборатки, инсоннинг кўзи аксарият ҳолларда чизиқлар кесишган жойдаги белгиланган  12 нуқтани бир вақтнинг ўзида илғай олмайди. 

Бу периферик кўриш хусусиятлари билан боғлиқ: мия тасвирни у ҳақидаги таассуротлардан келиб чиқиб тўлдиради, мазкур ҳолатда эса у инсонга диққат жамланган нуқтанинг атрофидаги кулранг чизиқлардан иборат андозани "кўриш"га имкон беради

Тасвир 1870 йилда немис физиологи Людимар Герман томонидан аниқланган оптик иллюзия - "Герман тўри"нинг вариацияси ҳисобланади. Оригинал тўрга диққат билан қаралганда оқ чизиқларнинг кесишган жойида ёлғон қора соҳалар пайдо бўларди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ушбу иллюзион тасвирни 2015 йилнинг энг машҳур мемларидан бири - баъзиларга оқ, бошқаларга эса кўк рангда кўринувчи кўйлакка қиёслашди.