“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ёшлар ташаббуслари маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги “Камалак юлдузлари-2016” болалар ижодиёти фестивалига аризалар қабули бошланганини эълон қилади. Аризалар 2016 йилнинг 15 сентябридан 15 октябрига қадар қабул қилинади.

“Камалак юлдузлари” танловини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад иқтидорли болаларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва маҳоратларини намоён этишлари учун имконият яратиб бериш, ёш авлоднинг маънавий оламини бойитиш, маданий савиясини юксалтириш, санъат ва гўзалликка бўлган интилишини кучайтириш, миллий санъат анъаналари ва йўналишларини асраш, ривожлантириш ҳамда давом эттиришдир. Унда 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган иқтидорли болалар иштирок этишлари мумкин.

Танлов қуйидаги олти йўналиш бўйича ўтказилади:

“А” йўналиши — фортепиано, торли-камонли, дамли ва зарбли чолғу асбоблари;

“В” йўналиши — миллий ва академик ижро, эстрада, фольклор ва хор гуруҳлари;

“С” йўналиши — плекторли, камонли, дамли ва зарбли халқ чолғу асбоблари;

“D” йўналиши — миллий, балл ва замонавий рақслар;

“Е” йўналиши — тасвирий (графика, ранг-тасвир, ҳайкалтарошлик) ва амалий санъат (зардўзлик, дўппидўзлик, қуроқчилик, гиламдўзлик, қўғирчоқчилик, каштачилик, гобелень, батик, наққошлик, ганчкорлик, кулолчилик, ёғоч ўймакорлиги, мисгарлик, кандакорлик, тоштарошлик);

“Ғ” йўналиши — насрий (эртак, ҳикоя, қисса, роман) назм асарлари ( шеър, ғазал, достон).

Танловда иштирок этиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

- ариза-анкета;

- шахсини тасдиқловчи ҳужжат (туғилганлиги ҳақида гувоҳнома) нусхаси;

- 3х4 ўлчамдаги 2 дона ҳамда 10х15 ўлчамда ижодий фаолиятини акс эттирувчи 2 дона фотосурат;

- “А”, “В”, “С” гуруҳлари иштирокчилари ижро этиладиган дастур матни, нотаси ҳамда ижро вақтини;

- “E”, “F” гуруҳлари иштирокчилари эса ижодий иш намуналарини тақдим этадилар;

- таълим олаётган муассасасидан тавсиянома;

- ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар)нинг танлов Низоми, шартлари билан тўла танишган ва уни қабул қилган ҳолда болага кўрик-танловда иштирок этишига рухсат берилиши сўралган аризаси.

Аризалар «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати туман ҳамда шаҳар бўлимларида қабул қилинади. Иштирокчиларнинг маҳоратини эл орасида танилган, тажрибали ва юқори малакали мутахассислар, давлат мукофотлари ва бошқа унвонларга сазовор бўлган санъаткорлар, рассом ҳамда ҳунармандлар, хореографлар, шоир ва ёзувчилардан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати баҳолаб боради. Танловнинг барча босқичлари кенг жамоатчилик учун очиқ бўлиб, саралаш жараёнларининг бориши, йўналишлар бўйича иштирокчиларнинг ижодий чиқишлари томошабин ва тингловчилар томонидан кузатиб борилиши мумкин.

Танловнинг ҳар бир босқичида йўналишлар бўйича энг яхши натижаларга эришган иштирокчилар сертификатлар, дипломлар ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилади.

“Камалак юлдузлари” танлови ғолибларининг ижодий фаолияти доимий қўллаб-қувватланади ва ривожлантириб борилади, шунингдек, энг яхши ижодий ишлар намуналари кўргазмалари ташкил этилади.