Ўзбекистон терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов таркибида ҳаракат қиладиган Россиянинг «Краснодар» жамоаси раҳбарияти бош мураббий Олег Кононов истеъфога чиқарилгани, бош мураббий вазифасини бажариш Игорь Шалимов зиммасига юклатилгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

«13 сентябрь куни Олег Кононов «Краснодар» бош мураббийлигидан истеъфо берди ва унинг истеъфоси клуб раҳбарияти томонидан қониқтирилди. Бош мураббий вазифасини бажарувчи этиб Кононов штабида ишлаган Игорь Шалимов тайинланди», — дейилган клуб расмий сайтида.

«Краснодар» ФК Олег Георгиевичга ўтган вақт давомидаги ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдиради», — дея қайд этилган хабарда.

Кононов жамоага 2013 йили бош мураббий этиб тайинланганди. Унинг бошқаруви даврида «Краснодар» 3 марта Европа Лигасининг гуруҳ босқичига чиқди.

Айни вақтда краснодарликлар клуби Россия чемпионатининг 6 туридан кейин 8 очко тўплаган ҳолда еттинчи ўринни эгаллаган. Жамоа охирги турда «Уфа» билан 0:0 ҳисобидаги дурангни қайд этганди.

Манба: Tribuna.uz